Translate

суббота, 30 июня 2012 г.

Қуёш энергетикаси

Маълумки, ХХ асрнинг сўнгги йилларида яримўтказгичли асбоблар ва ахборот технологиялари бутун жаҳонда сармоя киритиш учун энг истиқболли соҳалар ҳисобланарди. Айни пайтда эса қуёш энергиясидан электр энергияси олиш қурилмалари ишлаб чиқариш бу борада биринчи бўлиб турибди.
Қуёш нурларидан электр энергияси олиш ва уни халқ хўжалигининг барча соҳаларида кенг қўллаш учун унинг таннархи анъанавий усулларда олинган энергия таннархига нисбатан рақобатбардош бўлиши зарур. Янги турдаги энергиянинг таннархи эса асосан яримўтказгичли кремний баҳоси билан аниқланувчи қуёш панелларининг таннархига асосланади. 
Қуёш элементлари таннархи билан фарқ қилувчи электр энергия монокристалл, поликристалл ёки юпқа қатламли кремний асосида ишлаб чиқарилиши мумкин. Улар негизида қурилган қуёш панеллари ёрдамида олинган электр энергиясининг бир бирлиги (ватт) поликристалл кремний қўлланилганда 4,28, монокристалл кремний ишлатилганда 4,35, юпқа қатламли кремнийдан фойдаланганда эса 3,66 АҚШ долларни ташкил этади.

СОҲАДАГИ ТАРАҚҚИЁТ
Сўнгги йилларда қуёш элементлари ишлаб чиқаришга ва электр энергияси олишга сармоя киритувчи компаниялар сони ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, бир неча йил муқаддам жаҳон бўйича қуёш панеллари ёрдамида олинаётган умумий энергия миқдори 4 ГВт деб баҳоланган бўлса, ҳозирда унинг миқдори 15 ГВт ни ташкил этмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, серқуёш ўлкаларда 2030 йилгача муқобил энергия манбалари сифатида қуёш фотоенергетикасидан кенг фойдаланиш имконияти яратилади. 
Шуниси диққатга сазоворки, ўтган йили Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати томонидан ноанъанавий энергетика учун 15 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратилган. Айни пайтда ушбу давлат бу соҳадаги энг яхши инновация ишланмалари учун ҳар йили 2,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги грантлар ажратишга қарор қилган. 
АҚШ ва Европанинг 40 дан зиёд етакчи компанияларидан иборат иттифоқ яқин икки йил ичида 10 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағни экологик тоза технологиялар соҳасига сармоя тарзида киритишини маълум қилди. 
Жаҳонда қуёш фотоелементлари ишлаб чиқариш миқдори ортиб бормоқда. Хусусан, Хитойнинг «Нантонг Қиангшенг Пҳотоволтаиc Течнологй» компанияси юпқа қатламли кремний негизида фотоелементлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик корхоналарни ишга туширдики, унинг маҳсулотларини бугун кўплаб давлатларда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам учратиш мумкин.

ЖАҲОН БОЗОРИДА ҚУЁШ ЭНЕРГЕТИКАСИ 
Дунё миқёсида қуёш энергетикаси соҳаси ривожига сармоя киритаётган йирик сармоядор давлатлар қаторида Жанубий Кореянинг ҳам муносиб ўрни бор. Жумладан, мазкур давлатнинг «КCC Cорпоратион» компанияси 339 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни қуёш фотоелементлари учун хомашё материал бўлган поликристалл кремний олишга мўлжалланган завод қуришга йўналтиришни режалаштирмоқда. Ўзбекистонда яратилган поликристалл кремний олишнинг янги технологиясини ривожлантиришда ҳам Жанубий Корея компаниялари ҳиссадорлик асосида сармоядорлар қаторидан ўрин олган. 
Ҳозирда фотоелектрик панеллар бозорида Япония, Германия ва АҚШ компаниялари етакчилик қилмоқда. Масалан, Япониянинг «Шарп» компанияси айни пайтда дунёдаги энг йирик қуёш панелларини ишлаб чиқармоқда. 
Яқинда АҚШнинг Калифорния штатидаги «Наносолар» компанияси 150 миллион АҚШ долларлик сармоя асосида дунёдаги энг арзон фотобатареялар ишлаб чиқаришга муваффақ бўлди. Бундай натижага алюминий сиртини кремний қатламлари билан қоплаш асосида фотоелементлар ишлаб чиқариш ҳисобига унинг таннархини 80 фоизга тушириш орқали эришилди. Айтиш жоиз, айни пайтда бундай заводларни Германияда ҳам ишга тушириш режалаштирилмоқда. 

«ҚУЁШЛИ УЙЛАР» ИСТИҚБОЛИ
Бугунги кунда қуёш нурларининг иссиқлик таъсиридан фойдаланиш соҳаси ҳам тобора оммалашиб бормоқда. Хусусан, «қуёшли уй»лар қуриш лойиҳаларига катта миқдорда сармоя киритилмоқда. Қуёшдан иссиқлик ва ёруғлик олиш ҳисобига бундай уйларда бошқа турдаги энергия манбаларининг 50-90 фоиз тежалишига эришилмоқда. Бундай уйларни қуриш нафақат Миср, Исроил, Туркия, Япония, Ҳиндистон, АҚШ каби иқлими нисбатан иссиқ ўлкаларда, балки Франсия, Англия, Германия каби ўрта иқлимли давлатларда ва ҳаттоки, Швеция, Финляндия, Канада, АҚШнинг Аляска штати каби шимолий ҳудудларда ҳам расм бўлмоқда. Умуман олганда, дунёда ҳар йили юзлаб квадрат метр майдонли «қуёшли уй»лар қурилиб, бу уйлар учун махсус материаллар ва жиҳозлар ишлаб чиқарувчи кўплаб ихтисослашган корхоналар фаолият кўрсатмоқда. 
Айтиш жоизки, серқуёш ўлкамизда ҳам «қуёшли уй»лар қуриш, уларни қуёш нури билан иситиш, иссиқ сув ва фотоелектрик энергия билан таъминлаш имконияти юқори. Юртимизда экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланишга қаратилган инновация лойи-ҳаларининг ишлаб чиқилиши, бу борадаги лойиҳаларга маҳаллий ва хорижий сармоявий манбаларнинг кенг жалб этилиши мазкур соҳа истиқболини таъминлашга муносиб хизмат қилади.

Агар Энергетиклар ва Электроншиклар ўзаро билим алмашсак жуда нур устига аъло нур бўлар эди

Азиз дўстларим, сизни қизиқтирган мавзулар бўйича айтсангиз ёритишга харакат қилардик, албатта энергетика ва электроника бўйича)))

бош мавзу

Энергетика ва электроника оид мавзуда гаплашамиз